Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик – Термизда ёшлар сайли ўтказилди

Сурхондарё вилоятида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шоири остида ўтказилган Ёшлар сайли минглаб ўғил-қизларни айни эзгу мақсад сари бирлаштирди.

Бугун Термиз шаҳрида бошланган тадбирларнинг гала-концерт дастурида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, ёшларни байрам билан самимий табриклади. Ҳар жабҳада илғор, ўз тенгдошларига ўрнак бўлаётган ёшлар ҳамда улар таҳсил олаётган таълим муассасаларига пул мукофотлари ҳамда спорт анжомлари сертификатлари тантанали топширилди.

Хусусан, Сурхондаё вилояти ҳокими стипендияси учун 1 млрд сўмлик, оммавий спорт тадбирларини ривожлантириш учун 1 млрд сўмлик, “Мирзо Улуғбек ворислари” республика танловининг вилоят босқичи ғолиблари учун 68 млн сўмлик ва Беш ташаббус олимпиадаси ғолибларини тақдирлаш учун 230 млн сўмлик пул мукофотлари сертификатлари шулар жумласидан.

Гала-концерт дастурида эстрадамиз ёрқин юлдузлари, Шоҳруҳхон, Ҳамдам Собиров, Шоҳруҳ, “Божалар” гуруҳи ҳамда бошқа санъаткорлар, шунингдек, таниқли бошловчиларнинг чиқишлари ёшлар сайлини ҳақиқий байрам шоуларига айлантирди.

Ёшлар сайли доирасида кун давомида “Киберспорт” ва шахмат “Ракировка” мусобақалари, “Мунозара” ва “Заковат” интеллектуал ўйинлари, “Ҳеч бир ёш эътибордан четда қолмайди” хайрия акцияси ҳамда югуриш марафони каби турли лойиҳалар ҳам ўтказилди.