Сурхондарёда журналистлар кўчат экди
Сурхондарё вилоятида “долзарб 40 кунлик” доирасида кўчат экиб, яшил маконлар бунёд этиш ишлари қизғин давом этмоқда.
Вилоятда амалга оширилаётган бу эзгу ишни ёритаётган бир гуруҳ журналистлар, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими мутасаддилари, соҳа фахрийлари “Сурхон тонги” ва “Заря сурхана” газеталари бирлашган таҳририятининг янги биносида бўлиб, таҳририят ходимлари билан бино атрофи ва ҳовлисига мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатларини ўтқазди.
Воҳанинг етакчи нашри – “Сурхон тонги” ва “Заря сурхана” газеталари бирлашган таҳририяти Термиз шаҳри марказида замонавий янги бино ва босмахона бунёд этиб, жорий йилдан икки қаватли бинода фаолият юритмоқда.
Бинонинг биринчи қаватида хориж ускуналари билан жиҳозланган босмахона, маънавият ва маърифат, тиббиёт хоналари, ошхона, турли спорт жиҳозларига эга зал ва бошқа қўшимча хоналар барпо этилган. Иккинчи қаватда “Сурхон тонги” ва “Заря сурхана” газеталари жойлашган.
Айни пайтда “Сурхон тонги” газетаси 14 минг 583 нусхада, “Заря сурхана” газетаси 2 минг 557 нусхада таҳририятнинг ўз босмахонасида чоп этилаётир. Муъжазгина иссиқхона эса қишин-ёзин ходимларни турли сабзавотлар билан таъминлашга хизмат қилмоқда.
– Лойиҳа бўйича спорт зал ўрнида дам олиш хонаси, иссиқхона ўрнида эса ходимлар ўзаро суҳбат қурадиган жой бўлиши белгиланган экан, – дейди бош муҳаррир С.Норқобилов. – Қиймати бир хил бўлгани учун лойиҳага ўзгартиш киритиб, дам олиш хонасига турли спорт анжомлари ўрнатдик. Ҳовлида эса икки сотихча ерга иссиқхона қурдик. 20 туп лимон, қатор ораларига хар хил кўкат, бодринг, помидор, тарвуз экдик. Бўш вақтларимизда ўзимиз парваришладик. Лимон шу йилнинг ўзида ҳосил нишоналарини кўрсатди. Зироатларимиз ҳам яхши ҳосил берди. Шу кунларда иссиқхонани қишки сабзавотлар экишга тайёрлаяпмиз. Спорт зал ҳамиша очиқ. Бўш вақтида истаган ходим бир муддат жисмонан чиниқиши мумкин. Бугун бино атрофи ва ҳовлисига ҳамкасбларимиз билан биргаликда қадаётган ранг-баранг ноёб дарахт кўчатларимиз ҳам яқин йилларда бу ерни ям-яшил маконга айлантириб, ўзгача кўрк беради.
Ҳудудни яшиллика буркаган журналистлар ва фахрийлар Президентимиз илгари сурган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг экологик мувозанатни сақлашдаги аҳамияти, мамлакатимизда ижодкорларга қаратилаётган эътибор ва яратилаётган шароитлар ҳақида суҳбатлашди. Кекса авлод вакиллари ўтмишдаги хотираларини сўзлаб берди. Журналистлар дарахт ва бута экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” доирасида воҳада амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиш баробарида бўш вақтларида ўзлари ҳам кўчат экиб, боғ яратишда фаол қатнашишга келишиб олди.
Янгиликлар канали
https://t.me/termizshhМурожаатлар учун
https://t.me/TermizSh_botТелеграм Бот
https://t.me/TermizSh_botФуқоролар мурожаатлари бўйича шаҳар хокимлиги бош мутахассиси
+(76)224-16-40
+(76)224-23-36
2024 |
ЁШЛАР ВА БИЗНEСНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЙИЛИ |
‹ | › | |||||
Ду | Се | Чо | Па | Жу | Ша | Як |
© Термиз шаҳар ҳокимлиги расмий-веб сайти веб-сайтлари 2024