Жумладан, бугун Термиз шаҳридаги Хотира майдони ҳар қачонгидан гавжум бўлди. Бу ерга Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Термиз шаҳар ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, офицер, сержант ва ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари ташриф буюрди.
Тадбир иштирокчилари ҳарбий оркестр мусиқа садолари остида “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги йўлида жон фидо қилган юртдошларимизни ёд этдилар.
“Санъат саройи” мажмуасида ўтказилган тантанали тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими – Ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Улуғбек Қосимов иштирок этиб, йиғилганларни байрам билан табриклади ҳамда бир гуруҳ Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда хизмат қилаётган ходимларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғаларини топширди.
Термиз шаҳридаги “Гранд Алмаз” тантаналар саройида, тўкин дастурхон атрофида давом этган байрам тадбирида Қуролли Кучлар оркестр ва ансамбл жамоалари ва вилоят Маданият бошқармаси санъаткорлари иштирокидаги концерт дастури осойишта юрт посбонларига байрам кайфиятини улашди.