Термиз шаҳар ҳокимлиги расмий-веб сайти

Товламачилик жиноятининг ўзига хос хусусиятлари.

2023-02-28

550782       0

Тадбирлар

       

Товламачилик жиноятининг ўзига хос хусусиятлари.

 

Ҳаммамизга маълумки малакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг фуқароларнинг ҳуқуқий онгини шакллантириш, ёшларни келгуси авлодга тайёрлаш юзасидан бир қанча ишлар амалга оширилиб келмоқда, аввалам бор, ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш, уларни жиноят содир қилишдан қайтариш ҳамда мустақил демократик ҳуқуқий давлат қуриш борасида бир қадар ишларни амалга ошириб келмоқда.

Бугун Сизлар билан товламачилик жинояти ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддасида, Товламачилик, яъни жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумот­ларни ошкор қилиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрла­нувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш учун жавобгарлик белгиланган.

Товламачилик мулкка қарши ғаразли жиноятлардан бири ҳи­собланади. Товламачиликнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти унинг нафақат мулкчиликка, балки мулкчилик манфаатларининг мустақил шакли сифатида намоён бўлувчи бошқа (мажбурият юкловчи, мерос бўлиб ўтувчи, уй-жой каби) мулкий муносабат­ларга ҳам тажовуз қилишидан иборат.

Товламачилик кўп объектли жиноят ҳисобланади. Чунки унинг содир этилишида нафақат мулкчилик ҳуқуқига, бошқа шахсларнинг ашёвий ҳуқуқларига, балки ҳаётга, соғлиққа, шаънга, қадр-қимматга ва бошқаларга зарар етказиш хавфи ҳам мавжуд.

Товламачилик пред­метлари қуйидагилар:

- мол-мулк;

- мол-мулкка бўлган ҳуқуқ (товламачининг ёки бошқа айбдор деб кўрсатилган шахснинг қарзи борлигини тасдиқловчи тилхат, шартнома ёки бошқа ҳужжат, ёхуд муайян мулкий ҳуқуқлар тов­ламачига ёки у кўрсатган шахсга ўтишига асос бўладиган бошқа ҳужжат);

- мулкий хусусиятга эга ҳаракатлар (ишни бажариш, хизмат­лар таклиф этиш ва товарни паст нархда ёхуд текинга бериш ва бошқалар);

- мулкий манфаатлар бериш (масалан, жабрланувчи учун ол­диндан нохуш бўлган шартномани тузиш ва бошқалар).

Мол-мулкка бўлган ҳуқуқ - шахснинг ўзига тегишли мол-мулк­ка эгалик қилиш, ундан ўз хоҳишига кўра ҳамда ўз манфаат­ларини кўзлаб фойдаланиши ва уни тасарруф этиши, шунингдек, ўзининг мулкий ҳуқуқи ким томонидан бузилишидан қатъи назар, ўз мулкий ҳуқуқлари бузилишини бартараф этилишини талаб қи­лиш ҳуқуқидир.

Товламачиликни содир этаётиб айбдор мулкка бўлган ҳуқуқни талаб қилмай, ўзганинг мол-мулкидан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини талаб қилиши мумкин.

Жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиб, унинг мулкига шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд жабр­ланувчи сир сақланишини хоҳлаган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб ёхуд жабрланувчининг манфаатларига хавф со­ладиган шароитни яратиш йўли билан жабрланувчи шахсни унда турган (масалан, қарзга, кредитга олган, жиноят содир этиши на­тижасида вақтинча сақланиб турган ва ҳоказо) ўзининг мол-мул­кини беришга мажбур этганида, у ўзганинг мулкини товламачи­лик йўли билан талон-торож қилганлик учун жиноий жавобгар­ликка тортилиши мумкин эмас. Бундай қилмиш, қонунда назарда тутилган аломатлар мавжуд бўлса, ўзбошимчалик деб ҳисобла­нади. Қарздор ва қарз берувчи ўртасида фоизлар тўлаш бўйича олдиндан келишув бўлмаган бўлса, берилган қарз учун фоиз талаб қилиш товламачилик жинояти таркибини ташкил қилади.

Айбдор жабрланувчидан унинг тасарруфига ноқонуний йўл билан (жиноят содир этиш йўли билан ҳам) ўтган мулкни талаб қилганда ҳам унинг ҳаракатлари товламачилик сифатида квали­фикация қилиниши лозим.

Мулкий йўсиндаги ҳаракатлар деганда, ҳақ тўланадиган ҳар қандай ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш (иморатлар қуриш, уларни таъмирлаш, автомобилларни таъмирлаш, то­вар-моддий бойликларни ташиб бериш ва ҳоказо) тушунилади.

Мулкий манфаатлар деганда, жабрланувчининг ўз хизмат ваколатларига кўра у ёки бу шахсга унинг муҳтожлигига қараб ёхуд белгиланган қоидалар ёки норматив ҳужжатларга биноан тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлган манфаатлар тушунилади. Жумладан, товар-моддий бойликларни навбатсиз ажратиш, қўшимча тўловларсиз товар олиш, ўз корхонасидаги бўш лавозимларга тайинлаш тушунилиши керак.

Объектив томондан товламачилик айбдорнинг мулкдор­дан била туриб, ғайриқонуний равишда ўзига ёки у кўрсатган шахсларга муайян мулкни, мулкка бўлган ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд улар фойдасига муайян мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилишда ифодаланади ва у ўз талабларини қуйидаги ҳаракатлар орқали амалга оширади:

- зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш. Бунда қўрқитиш ўз ичига жабрланувчини ўлдириш, баданига шикаст етказиш, номусига тегиш ва бошқа турдаги ҳаракатларни содир этиш билан қўрқитишни қамраб олади;

- мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш билан қўрқитиш. Бунда мулк мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида жабрланувчига ёхуд унинг яқин кишиларига тегишли бўлиши мумкин;

- маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиш. Бунда ушбу маълумотларни жабрланувчи ёки унинг яқин кишилари сир сақлашни хоҳлайдилар. Объектив томоннинг ушбу белгиси бўйича квалификация қилишда жабрланувчи ёки унинг яқинлари маз­кур маълумотларни сир сақлашга ҳаракат қилаётганликларини (қилганликларини), уни ошкор этиш билан қўрқитиш эса айбдор томонидан бирон-бир мулкни эгаллаш учун фойдаланилаётганли­гини (фойдаланганлигини) аниқлаш муҳим;

- жабрланувчини мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароит яратиш.

Товламачининг талаблари оғзаки, телефон, факс, хат орқали ва бошқа шаклда бўлиши мумкин.

Талаб товламачининг жабрланувчидан мулкни ёки мулкдан ўз мулкидек фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни тақдим этишини таклиф қилишни англатади.

Талаблар пул олиш, ердан, дўкондан, автомобилдан фойдала­ниш ҳуқуқини қўлга киритиш, товламачини шерик сифатида мун­тазам дивидендлар ва бошқа мулкий манфаатлар олиши учун кооператив, корхона аъзолигига киритиб қўйишга қаратилган бўлиши мумкин.

Товламачиликни содир этишда зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш деганда, уриш, зарба бериш, баданга енгил, ўртача оғир ва оғир шикаст етказиш билан қўрқитиш тушунилиши керак.

Товламачиликдаги қўрқитишга қуйидаги белгилар хос: биринчидан, ўз мазмунига кўра унда жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд улар сир сақлаш лозим деб топган маълу­мотларни ошкор қилиш нияти билдирилган бўлиши керак; ик­кинчидан, таҳдид реал, яъни агар жабрланувчи товламачининг талабларини бажармаса, таҳдид амалга оширилиши мумкинлиги­дан хавотир бўлиши лозим. Жиноят таркибининг мавжудли­гини аниқлаш учун қўрқитишни ким амалга ошириши мумкин­лиги: бевосита товламачининг ўзими ёки унинг иштирокчила­рими, бу аҳамият касб этмайди. Қўрқитиш келажакда (дарҳол ёки талабни бажаришдан бош тортганлик учун) амалга оширилади деб қабул қилинади. Шунинг учун ҳам ушбу жиноятнинг таркиби учун айбдорнинг ҳақиқатдан ҳам ўз ниятини амалга оширмоқчи бўлган-бўлмаганлиги аҳамият касб этмайди.

Жабрланувчи томонидан қўрқитишнинг хусусияти ва жадал­лиги қандай қабул қилинганлиги жиноятни квалификация қи­лишга таъсир кўрсатмаслиги лозим. Жадаллиги бир хил бўлган таҳдид, жабрланувчиларнинг руҳий ҳолати, тарбияси, феъл-атвори, жис­моний хусусиятларидаги фарқ­лар туфайли, улар то­монидан турли­ча қабул қилинади. Жабрланувчи қандай қабул қилганлигидан қатъи назар, таҳдиднинг кучи ошмайди ва камай­майди, унинг ўзи қандай бўлса, шундайлигича қолаверади.

Товламачиликни квалификация қилиш учун таҳдиднинг кимга - бевосита мулк эгасига ёки жабрланувчига яқин кишиларга қара­тилганлигининг аҳамияти йўқ. Бунда жабрланувчига яқин киши­лар доираси жабрланувчининг фақат яқин қариндошлари билан­гина чегараланмайди, балки вужудга келган ҳаётий вазиятлар туфайли ҳаёт саломатлиги ва тинчлик-хотиржамлиги жабрланувчи учун қадрли бўлган бошқа шахсларни ҳам ўз ичига олиши лозим.

Мулкка шикаст етказиш деганда, мулкка зарар еткази­лиши туфайли, ашёнинг ўз сифатини йўқотиши, яъни ун­дан ўз вазифасига кўра фойдаланиш учун вақтинча ёки қисман яроқсиз бўлиб қолиши ва уни тиклашга муайян меҳнат ёки маблағ сар­фланганидан кейин аввалги қимматига эга бўлиши тушуни­лади.

Мулкни нобуд қилиш деганда, уни қайта тиклаб бўлмайдиган ва ундан вазифасига кўра фойдаланиб бўлмайдиган ҳолатга келтирилганлиги тушунилади.

Шахс сир сақланишини хоҳлаётган маълумотлар де­ганда, ўзининг шахсий ҳаёти, иш фаолияти, яқин кишилари, қа­риндош-уруғлари ҳақидаги ва шу каби ҳар қандай ахборотлар ту­шунилиши керак. Ушбу маълумотлар қаторига шахсни ва унинг яқинларини шарманда қилиши ва унинг ошкор этилиши унга ва унинг яқинлари манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган маълумотлар (жабрланувчи ҳаётидаги шарманд қилувчи маълу­мотлар, тижорат сири) киради. Бунда шарманда қилувчи маълу­мотлар деб, уларнинг рост ёки ёлғонлигидан қатъи назар, жабрла­нувчи томонидан унинг шаън ва қадр-қимматини таҳқир­ловчи си­фатида қабул қилинадиган маълумотларга айтилади. Маълумот­ларнинг шарманда қилувчи сифатида баҳоланиши, фақатгина уларнинг шундай маълумот сифатида жабрланувчи ва унинг яқин­лари томонидан қабул қилинишига боғлиқ. Шахснинг маълумот­ларни сир сақлашни хоҳлаган ёки хоҳламаганлиги ҳар бир алоҳида ҳолда суд томонидан ҳал этилади. Суд буни шантаж жабрланувчи­нинг иродасига таъсир қилган ёки қилмаганлигига қараб аниқ­лайди. Агар жабрланувчи маълумотлар ошкор қили­нишидан қўрқиб товламачининг талабларини бажарган бўлса, демак, жабр­ланувчи ушбу маълумотларнинг сир сақланишини хоҳлаган.

Маълумотларни ошкор қилиш деганда, жабрланувчи­нинг фикрича, ошкор қилиниши номақбул бўлган (масалан, фар­зандликка олиш, касаллик, судланганлик тўғрисидаги ва ҳоказо) ахборотларни бошқа шахсларга маълум қилиш тушунилади. Айб­дор шахс маълумотларни оғзаки, хат, телефон, факс орқали ва бошқа тарзда ошкор қилиши мумкин.

Жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш деганда, айбдорнинг жабр­ланувчи ва унинг яқинлари учун ҳар қандай объектив хавфли шароит яратиши тушунилиб, унга тов­ламачи чек қўйиши мумкинлигини ёки маълум бир ҳақ эвазига йўқ қилиши мумкинлигини таклиф қилади. Тадбиркордан иншо­отни “қўриқлаш” учун пул тўлашни талаб этиш ёки маҳсулот­ларни “сотиш”га ёрдам берганлик учун пул талаб қилиш ҳам товламачилик жинояти белгиси ҳисобланади.

Товламачилик ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини топшириш, мулкий манфаатлар бериш ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатларни содир этишни талаб қилинган пайтдан эътиборан тугалланган ҳисобланади. Бунда ушбу талаб­ларнинг бажарилганлиги аҳамият касб этмайди.

Агар айбдор ўз таҳдидини амалга ошириш пайтида ўзганинг мулкини нобуд қилган ёки унга шикаст етказган бўлса, унинг қилмиши жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилинади. Тов­ламачиликни содир этиш пайтида жабрланувчи қасддан ўлди­рилган бўлса, қилмиш барча ҳолларда жиноятлар жами бўйича квалифи­кация қилиниши керак. Бироқ агар одам ўлдириш товламачилик фактини яшириш мақсадида содир этил­ган бўлса, айбдорнинг ҳаракат­лари товламачилик ва одам ўлдирганлик жинояти бўйича квалификация қи­линиши лозим.

Субъектив томондан товламачилик тўғри қасд билан со­дир этилади. Бунда айбдор жабрланувчидан мол-мулкни ёки мул­кка бўлган ҳуқуқни ўзига ёки бошқа шахсга беришни қўрқитиш билан талаб қилиши асосланмаганлигини ва ноқонунийлигини билади. Айбдор ғаразли мотивларга амал қилади ва ашёни ноқо­нуний равишда қўлга киритиш мақсадини кўзлайди.

Товламачилик жиноятнинг субъекти - 14 ёшга тўлган ҳар қандай ақли расо шахсдир.

Оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилган товламачи­лик такроран ёки хавфли рецидивист томонидан товламачилик содир этилиши, жиноят кўп миқдорда содир этилиши, қилмишнинг бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилиши.

Шуни назарда тутиш кераккки, босқинчилик ва талончиликда зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш мулкни эгаллаб олиш ёки талон-торож қилинга­нидан сўнг уни ушлаб қолиш воситаси бўлиб хизмат қилса, тов­ламачиликда ушбу қўрқитиш жабрланувчининг иродасини сўндириш ва уни товламачининг талабларини бажаришга мажбур этиш воситаси бўлиб хизмат қилади.

Шуни ҳам назарда тутиш керакки, босқинчилик ва талончи­ликда ўзганинг мулкини эгаллаб олиш қўрқитиш билан бир вақ­тда содир бўлади, товламачиликда эса, айбдор жабрланувчининг мулкини келажакда қўлга киритади.

Судлар томонидан ҳам товламачилик жиноятчилгини олдини олиш борасида, жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлагандан кейин хусусий ажрим чиқариб, ҳуқуқ-тартибот идораларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, жамоат бирлашмаларидан, жамоалардан ёки мансабдор шахслардан ана шу сабаб ва шарт-шароитларни бартараф қилиш чораларини талаб қилиб келмоқда.

Ўз навбатида, жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига  имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисидаги хусусий ажрим юборилган фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органи зарур чораларни кўриб, кўрилган чоралар натижалари тўғрисида судни хабардор қилиб келмоқда. Бу билан Республикамиз фуқароларини ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ошириб, жиноят содир этилишини олди олинмоқда.

Бу борада маҳалланинг ҳам катта хиссаси мавжуд, яъни маҳалла ҳар бир оила учун қайғурар экан, ушбу оиладаги муҳитни чуқур ўрганиб, соғлом оилани вужудга келтириш борасида тарбиявий ишлари олиб бормоғи лозим.

Шу сабабли ушбу маҳалланинг барча фуқаролари ўзларининг конституциявий ҳуқуқларини чуқур англашини, мустақил давлатимизнинг ёш авлодларини ҳуқуқий онгини оширишда қўлидан келганича ўз ёрдамини аямасдан кўмаклашиши лозим. 

 


Изоҳ қолдириш

Янгиликлар канали

https://t.me/termizshh

Мурожаатлар учун

https://t.me/TermizSh_bot

Телеграм Бот

https://t.me/TermizSh_bot

Facebook

https://fb.com/termizshahar.hokimi

Фуқоролар мурожаатлари бўйича шаҳар хокимлиги бош мутахассиси

+(76)224-16-40

+(76)224-23-36

Йил дастури
2024
ЁШЛАР ВА БИЗНEСНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЙИЛИ

Воқеалар

ДуСеЧоПаЖуШаЯк
Рўйхатдан ўтиш
login:
Password:
Паролни сақлаш
34 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сўров ўтказиш
Сайт ҳақида фирингиз?
Натижани кўриш
Валюта курслари