Жануб гавҳари бўлмиш Термиз шаҳридан чиққан “Мард ўғлон”ларнинг энг кенжаси
Ҳар бир ота-она фарзандларининг порлоқ келажаги, камолини ўйлаб яшайди бу ҳаётда. Аслида, яшашдан мақсад ҳам, ҳаётнинг маъно-мазмуни ҳам фарзанд бўлиб қолар экан бора-бора. Ўғил-қизларнинг катта-кичик ютуғи, эришган миттигина бўлса-да, натижаси ота-онанинг терисига сиғмас даражада қувончига сабаб бўлади.
Асли сурхондарёлик Моҳида Жумаева ҳамда Ўлмас Йўлдошев бугун 3 фарзанднинг кенжаси – Асадбекнинг улкан ютуғидан ана шундай чексиз қувонч ва фахр ҳиссини туймоқда. Улар кутилмаган улкан бахт, хушхабар, фарзандининг катта ютуғи, давлат эътирофидан ўзларида йўқ хурсанд.
Гап шундаки, энди 15 ёшга тўлган Асадбек Аюбжонов Президент қарори билан “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланганлар сафидан ўрин олди. Ўрин олганда ҳам энг ёш вакил сифатида давлат мукофотига сазовор бўлди.
Маълумки, ушбу мукофот билан юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотларда фаоллик кўрсатиб, ўзининг билим ва иқтидори, интилувчанлиги ва ташаббускорлиги, ҳалол ва самарали меҳнати билан Ватанимиз тараққиётини юксалтириш, янги Ўзбекистонни барпо этиш ва унинг халқаро нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган иқтидорли йигитлар тақдирланади. Фарзандининг ана шундай иқтидорлар, фаоллар сафида муносиб кўрилиши, албатта, ота-онага чексиз хурсандчилик, ҳаяжон улашиши табиий.
Асадбек Аюбжонов айни пайтда В.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабининг 8-синфини тугатди. У ёшлигидан мусиқага, скрипка чалишга ҳамда дирижёрликка қизиқди. Бу қизиқиш ва интилиш уни нафақат республика, балки дунё саҳналарига, халқаро фестиваль ва кўрик-танловлар ареналарига олиб чиқди. Таниқли хорижий мусиқашунослар эътиборига тушишига сабабчи бўлди.
Асадбекнинг санъатга ошуфта бўлиши, кўзга кўриниши, ютуқ ва натижалари ҳақида онаси Моҳида Жумаева тўлқинланиб гапириб берди:
— Асадбек 4 ёш пайти она-бола кун бўйи уйда ўтирганимизда олдига ўйинчоқларини қўйиб, телевизордан оркестр концертларини қўйиб қўярдим, — классик мусиқаларни эшитсин, қулоғи ўргансин, қалбига сингсин, деган мақсад илинжида. Бора-бора ўғлимда қизиқиш пайдо бўлди. Шу боис ҳам Асадбекдаги иқтидор, қизиқишни пайқаб, астойдил қўллаб-қувватладик, шу йўналишда ўқишига шароит яратдик. Учтепа туманидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат мактаб-интернатига бердик. У ерда скрипка чалишни ўрганди, устозларидан билим-кўникма олди, дирижёрлик билан шуғулланди. Ўғлимдаги иқтидорни пайқаган устозлари уни Ўзбекистон консерваторияси профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Владимир Неймер билан учраштирди. Бу ёғига Владимир Неймер унга устозлик қилиб, астойдил шуғулланди. 3 ойдан сўнг Асадбек катта саҳнага чиқди — Германия элчихонаси вакиллари иштирокидаги катта концертда саҳнага чиққанида ўғлим 7 ёш эди. Ўша пайтдаги қувончимиз, ҳаяжонимизни тасвирлаш қийин, жуда хурсанд бўлганмиз. Шундан кейин аста-секин катта саҳналарга чиқа бошлади, дирижёрлик қилди. Ўғлим Неймернинг Россиядаги ҳамкасби, дирижёр, скрипкачи, педагог Владимир Спиваковнинг эътиборига тушди. У Асадбекдаги иқтидорни кўриб, бир неча бор Россияда бўлиб ўтган фестивалларга таклиф қилди. Шу тариқа фарзандимиз “Москва дўстларни чорлайди” фестивалида ва бошқа кўрик-танловларда қатнашиб, совринли натижаларни қўлга киритди. Қолаверса, Россия телеканалларидаги кўрсатувларда иштирок этди.
Асадбекнинг онаси билан суҳбатлашар эканмиз, унинг бу ёшда юксак мукофотга лойиқ кўрилгани бежиз эмаслигини англадик. Асадбек Аюбжонов ўзининг иқтидори, салоҳияти, мусиқа билан ҳамнафас эканлиги билан юксак натижаларга эришиб келмоқда. У Россия Мудофаа вазирлигининг оркестрига дирижёрлик қилганида 8 ёшли бола эди. Шу ёшда хорижнинг катта саҳнасига чиқиш учун, албатта, шунга муносиб бўлиш кераклигини ҳаммамиз яхши англаймиз. Асадбек республикамизда ўтказилган кўрик-танловлар билан бирга, бир қатор халқаро танловлар, фестивалларда Ўзбекистон вакили сифатида иштирок этиб келмоқда. Жумладан, 2019 йилда Волга бўйи шаҳарларида бўлиб ўтган халқаро фестивалда иштирок этди. 2020 йилда Туркияда онлайн тарзда ўтказилган дирижёрлар кўрик-танловида гран-при соҳиби бўлди. Бир нечта дарслик, қўлланмаларда у ҳақдаги маълумотлар ўрин олди.
— Классик мусиқа, арияларни тинглаш жону дилим, — дейди Асадбек Аюбжонов. — Бу соҳани ривожлантиришга ҳисса қўшиб, Ўзбекистон классикасини дунёга танитиш ниятим бор ва бу мақсадим йўлида тинимсиз ҳаракат қиламан. 4-синфдан бошлаб В.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабида ўқий бошладим. Бу ердаги устозларим Камола Абдуллаева ҳамда Маъсуда Аҳмедова, қолаверса, катта саҳналарга чиқишимга сабабчи бўлган устозим Владимир Неймернинг хизматларини, мен учун қилган ҳаракатларини оқлашим учун бор имкониятимни ишга соламан.
Давлатимиз раҳбарининг биз ёшларга қаратаётган эътибори, ғамхўрлиги, рағбати бизни янгидан-янги марралар сари руҳлантирмоқда. Давлат мукофотига муносиб бўлиш масъулияти энди менга тинчлик бермайди. Юртимнинг довруғини жаҳонга ёйиш, дунё саҳналарига олиб чиқиш йўлида ўқиб-ўрганишдан тўхтамайман.
Дарҳақиқат, энг ёш “Мард ўғлон”нинг азму шижоати, иқтидори, интилиши, фаоллиги ўзи каби ўғил-қизларга намуна, мотивация бўлиши шубҳасиз. Юртимиздаги минглаб, миллионлаб ота-оналар Асадбекнинг ота-онаси сингари фарзандининг ютуғидан қувонса, кўкларга учса, демакки, юртимиз ёшларининг марра ва ютуқлари кутилгандан-да зиёда бўлади...
Янгиликлар канали
https://t.me/termizshhМурожаатлар учун
https://t.me/TermizSh_botТелеграм Бот
https://t.me/TermizSh_botФуқоролар мурожаатлари бўйича шаҳар хокимлиги бош мутахассиси
+(76)224-16-40
+(76)224-23-36
2024 |
ЁШЛАР ВА БИЗНEСНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЙИЛИ |
‹ | › | |||||
Ду | Се | Чо | Па | Жу | Ша | Як |
© Термиз шаҳар ҳокимлиги расмий-веб сайти веб-сайтлари 2024